Ўзбекистон география жамияти 120 йилдан ортиқ тарихга эга. Жамият географик тадқиқотларни ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш, географларнинг илмий асарларини нашр этиш ва географик билимларни тарғиб қилиш каби муҳим вазифаларни бажариб келмоқда.
Жамият томонидан олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда қатор халқаро илмий-амалий конференциялар ташкил этилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон география жамияти томонидан йирик илмий-тадқиқот лойиҳалари ва оммабоп илмий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ойбек Норинбоев бир овоздан Ўзбекистон география жамияти раиси этиб сайланди.
Ойбек Норинбоев 2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари лавозимида меҳнат фаолиятини олиб борган. Бунга қадар республикамизнинг бир қатор тижорат банкларида самарали меҳнат қилиб, Қишлоқ қурилиш банк ҳамда Асака банкда раис ўринбосари лавозимларида, шунингдек, "Ўзмиллийбанк"да турли раҳбар лавозимларида ишлаб келган.
Н.Абдураимова,ЎзА